Профессионаллик ва камтарлик сиймоси

  Бу инсон ҳақида гап кетганда мен унда буюклик ва камтарликнинг уйғунлашувини кўраман. Унинг узоқ йиллар давомида амалга ошириб келган тинимсиз меҳнати, сабр-у тоқатини таърифлашга тил ожизлик қилади. Йиллар ўз ҳукмини ўтказа олмаётган бу буюк ҳақида қанча мақола ёзилса, қанча таъриф келтирилса ҳам унинг бир кунлик меҳнату заҳматларининг мингдан бирига ҳам етмайди.

  Теннис деганда мен Рожер Федерерни тушунаман. Менку бир оддий теннис муҳлисиман, у ҳақида фикрларим ҳам объектив, фақат ўзимга тегишли, аммо эътибор беринг бошқа даҳолар у ҳақида қандай таърифлар берган:

  Жек Крамер: “Мен ҳеч қачон Федерердек кучли ўйнай оладиган теннисчини кўрмаганман. У кортда қиладиган ишларни такрорлайдиган бошқа бир инсонни танимайман” (2004 йил). (Жек Крамер- АҚШлик теннисчи, 1921 йил туғилган, “Уимблдон”нинг ўн карра ғолиби, “АҚШ миллий чемпионати” чемпиони, жаҳоннинг экс-биринчи ракеткаси, АТРнинг биринчи директори)

  Ник Боллетьери: “Рожер Федерер мен кўрганларимни орасида теннисдаги энг иқтидорли ўйинчи. Унда тарихдаги энг буюк бўлиш учун ҳамма имкониятлар мавжуд”. (Ник Боллетьери- 1931 йил туғилган “Ник Боллетьери” теннис академияси асосчиси. Бу академияда 12 нафар дунёнинг биринчи ракеткалари тарбия олган).

  Род Лейвер: “Рожерга бир киши учун кўплик қиладиган истеъдод берилган. Кўрсатаётган ўйинлари адолатли эмас- унда заиф нуқталар йўқ. Унда ажойиб бэкхенд ва форхенд мавжуд, у тўпни ўйинга кирита туриб бир зарба билан нуқта қўя олади, орқа чизиқда ажойиб ҳаракатланади. Бу буюк чемпионнинг ҳислатлари. Ва ўйлашим бўйича айнан шунинг учун унинг ўйинларидан роҳат оламиз”.

  Тенниснинг тирик афсонаси Рожер Федерер 1981 йил 8 август Арслон буржи остида Швейцариянинг Базель шахрида германо-швейцар оиласида дунёга келди. Ёшлигидан немис, француз ва инглиз тилларида гапиради, икки фуқаролиги бор- Швейцария ва ЖАР аммо барча мусобақаларда Европа мамлакати байроғи остида кортга киради. Рожер оилавий ҳаётда ҳам жуда тартибли. Собиқ теннисист Мирослава Вавринец билан турмуш қурган, икки эгизаги- икки ўғли ва икки қизи бор.

  Рожер Федерернинг кумири – Пит Сампрасдир. Шунинг учун Сампраснинг ўйин услубида ўйнашига ажабланмаса ҳам бўлади- тезроқ тўр олдига чиқиш ва ҳужумни имкон қадар смэш ва реверс билан тезроқ якунлашга уринишади. Уларни фақатгина бир қўлда амалга ошириладиган бэкхенд эмас, балки бир хил бўй ҳам бирлаштириб туради (185 см.). Федерернинг бекхэнди жуда ҳавфли кўриниш олади. Тўпни ўйинга кучли зарба билан киритади (ўртача 210 км/с). Ўзининг тўп ошираётган геймларида ғолибликни ушлаб туради, доимий равишда эйсларни амалга ошира олади. Швейцариялик теннисчи тўпларни Сампрасдан кўра яхшироқ қабул қила олади, у америкаликдан кўра кортда тезкорроқ ҳаракат қила олади.

  Рожер болалигида тўрдан тўпни ошира олмай кўп хато қилган. Унинг мураббийи озгина айёрлик ишлатган ва тўрни бироз баландроққа кўтариб қўйган. Шундан сўнг унинг бу камчилиги йўқола бошлаган. Фаолияти бошланишида Федерер тўпни ўйинга киритган заҳоти тўр ёнига чиқиб ўйнашни яхши кўрган ва шу ўйин услуби билан топ-10га кира олган. Аммо Андре Агасси, Давид Налбандян, Ллейтон Хьюитт, Хуан Карлос Ферреро каби қарши ҳужумда яхши ўйин кўрсата оладиган теннисчилар олдида кўпинча ожиз қоларди.

  2003 йилда швейцариялик тенниси Хьюстонда бўлиб ўтган Якуний турнирда жуда қийин гуруҳга тушганди ва юқорида номи зикр этилган теннисчиларнинг учтаси билан тўқнаш келади ва барча баҳсларга ғалабани қўлга киритади. Бу сафар Рожер ўйин услубини ўзгартиради ва орқа чизиқда ўйнаб тўр ёнига камроқ чиқади. Бу турнир Федерер учун фаолияти давомида жуда муҳим бўлди ва унинг ўйин услубида катта ўзгаришлар юз берди. Шундан сўнг Рожернинг заиф нуқталари деярли қолмайди (фақатгина қумли қопламали кортларда Надальга қарши ўйинлар бундан истисно). Натижалар кўп куттирмади ва Рожер 2004 йил Australian Open мусобақасини ютиб олди.

  Федерернинг эришган ютуқлари:

          Миллий терма жамоа таркибида Девис Кубоги соҳиби (2014), Мартина Хингис ва Белинда Бенчич билан биргаликда жуфтлик бахсларида Хопман Кубогида ғалаба қозонган (2001, 2018);

          Кўпгина теннис рекордлари эгаси, улар қаторига иккита Катта дубулға турнирларини беш мартадан қўлга киритган (Уимблдон 2003-2007 ва АШҚ очиқ чемпионати 2004-2008), Катта дубулға турнирларида танаффуссиз иштирок (қаторасига 10 марта 2005-2007 йиллар), Катта дубулға турнирлари финалларида иштироки (29 финал), ярим финалларда танаффуссиз иштирок этиш (23 ярим финал қаторасига, 2004-2010 йиллар давомида), Катта дубулға турнирлари чорак финалларида тўхтовсиз иштирок (қаторасига 2004-2013 йиллар давомида 36 маротаба);

     2009 йилда ўтказилган Франция очиқ чемпионатидаги ғалабадан сўнг теннис тарихида Катта дубулға таснифига кирувчи барча тўрт турнирда ғалабага эришган олтинчи спортчи сифатида тарихга кирган. Ҳозирда Катта дубулға турнирлари ғолиблиги бўйича абсолют рекордчи- 19 чемпионлик;

      Кетма-кет 14 марта АТР нинг Якуний турнирида иштирок этган (2002-2015 йиллар);

          Энг кўп вақт АТР рейтингида 1-поғонани ушлаб турган теннисчи;

          2008 йил октябрь ойида турнирлардан пул мукофотларини энг кўп миқдорда ютган теннисчи;

      2012 йил 24 январда фаолияти давомида 1000-чи бахсни ўтказган ва 2000-сет ғалаба қозонган;

   Катта дубулға туркумидаги ғалабали ўйинлар сони бўйича рекордчи (307 ўйин);

       2015 йил 12 июлда Уимблдон турнирида 10-чи финалини ўтказган дастлабки теннисчи;

    2017 йил 16 июльда Уимблдон турнирининг 8 карра ғолиби бўлган. Бу абсолют рекорд;

          Уимблдон турнирида ғолиб бўлган энг ёши катта теннисчи (35 ёш 338 кун);

          “Мастерс” туркумига кирувчи турнирларда 27 маротаба ғалаба қозонган;

  Рожер фаолият давомида 95та турнирда ғалаба қозонган, 1382 ўйинда кортга тушган ва 1132 марта ғалаба қозонган. Австралия очиқ чемпионатининг 5 карра, Франция очиқ чемпионатининг 1 марта, Уимблдон турнирининг 8 карра ва АҚШ очиқ чемпионатининг 5 карра ғолиби. 2008 йилги олимпиада ўйинлари жуфтлик бахслари олтин медали соҳиби.

   Федерерни теннис мутахассислари, аналитиклар ва муҳлислар тарихдаги энг яхши ўйинчи дея эътироф этишади. Теннисга энди илк қадамларини ташлаётган укаларимизга шуни маслаҳат берган бўлардим: теннисни севинг, Рожер Федерернинг ўйинларини томоша қилинг, ундаги профессионализм, меҳнатсеварлик, совуққлонлик, камтарлик ва оддийликни ўрганинг.

 

Ҳошимов Эркин

Share This:

1
0

Отправить ответ

Be the First to Comment!

avatar